ХОРАЗМЛИК РЕГБИЧИ ҚИЗЛАР ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИ ЙИҒИНИДА

ХОРАЗМЛИК РЕГБИЧИ ҚИЗЛАР ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИ ЙИҒИНИДА

Маълумки, 2021 йилнинг 20-28 ноябрь кунлари Осиё Олимпия кенгаши шафелигида Хитой давлатининг жанубида жойлашган Гуандун вилоятининг порт шаҳри – Шантауда ўсмирлар ўртасида III-Осиё ўйинлари ҳамда 17-20 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида Asia Rugby (Осиё регби федерацияси) томонидан 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасида Регби-7 бўйича қитъа чемпионати бўлиб ўтади.
Ушбу нуфузли спорт анжуманларида регби бўйича Ўзбекистон U-18 қизлар терма жамоаси ҳам иштирок этади. Ўз навбатида Ўзбекистон регби федерацияси терма жамоага муносиб номзодларни саралаб олиш, уларни масъулиятли ўйинларга тайёрлаш мақсадида ўқув-машғулот йиғинларини уюштирмоқда. Ана шундай йиғинлардан бири Нукус шаҳрида бошланди. Жорий йилнинг 13-27 май кунлари ташкил қилинадиган икки ҳафталик ўқув-машғулотларда Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятидан жами 22 нафар регбичи қизлар қатнашяпти. Уларнинг 11 нафари Урганч олимпия захиралари коллежи ҳамда Спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабининг тарбияланувчиларидир.
Айни дамда, хизмат сафари билан Нукусда бўлиб турган Ўзбекистон регби федерациясининг Хоразм вилояти ҳудудий бўлими катта тренери Мақсудбек Жуманиязовнинг таъкидлашича, ташкилотчилар йиғинни юксак савияда ўтказишга яхши тайёргарлик кўришган. Спортчиларнинг шуғулланишлари учун етарли шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилган. Қизларнинг яшаши ва овқатланиши борасида ҳам илиқ фикрларни билдириш мумкин. Бир сўз билан айтганда, ҳаммаси намунали тарзда бажо келтирилган.

Таъбир жоизки, мазкур йиғин қатнашчилари ўқув-машғулотлар чоғида мамлакатимизнинг тажрибали тренерлари Антон Михайлов ва Жеткер Базаров, шунингдек, Қозоғистон Республикасидан таклиф қилинган таниқли мутахассис, халқаро тоифадаги спорт устаси Анастасия Хамова қўл остида регбининг тактик ва техник жиҳатларини янада юксалтириш, бунинг баробарида, жисмоний ҳолатларини яхшилаш имконига эга бўлишади.
Ишончимиз комилки, келгусида хоразмлик регбичи қизлар халқаро миқёсдаги мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишади. Ваҳоланки, бунинг учун улар қалбида ғалабага бўлган ирода ва иштиёқ мужассамдир.

Икром ХУДОЙБЕРГАНОВ.