Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг мажлислар залида МОҚнинг навбатдан ташқари XXXVII Бош Ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Ш. Султонов, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Р.Толипов, Миллий олимпия қўмитаси раиси Р.Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Р.Ирматов, республика спорт федерация ва ассоциациялари раҳбарияти, Қўмита делегатлари, соҳага оид ташкилотлар ҳамда оммавий-ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Йиғилишни Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов олиб борди.
Ассамблея кун тартибидан ўзбекистонлик спортчиларни Токио-2020 ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриши ва иштирок этиши жараёнлари, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига янги раис ўринбосари вазифасини бажарувчисини сайлаш, Қўмита уставига ўзгартириш киритиш ва янги таҳририни тасдиқлаш, бошқа спорт турларини тан олиш бўйича федерация ва ассоциациялар мурожаатларини кўриб чиқиш каби масалалар ўрин олди.
Спортчиларимизни Токио-2020 ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш ва иштирок этиши бўйича биринчи масала юзасидан сўзга чиққан Миллий олимпия қўмитаси раиси Р.Шоабдураҳмонов пандемия шароитида олимпия терма жамоаларига мунтазам онлайн машғулотлар олиб бориши учун шароитлар яратиб берилгани, карантин чоралари юмшатилгач, аста-секинлик билан анъанавий машғулотларга қайтилгани, шу билан бир қаторда мавсум тақвимидаги мусобақалар ҳам ўтказиб келинаётганини таъкидлади.
Жорий йил учун бюджет маблағлари тўла молиялаштирилиб, Токио 2020 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш учун ҳеч қандай муаммо йўқлиги, давлатимиз томонидан барча молиявий масалалар ҳал этиб берилганини таъкидлади. Асосий масала Токио-2020 ўйинларига лицензияларни қўлга киритиш, бундан ташқари, навбатдаги тўрт йиллик цикл – Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинлари учун селекция ишлари бошлаб юборилганига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
“Янги Ўзбекистонимиз учинчи Ренессансига қадам қўяётган пайтида Президентимиз биздан, биринчи навбатда, иш услубларини тубдан ўзгартиришни, топширилган соҳалар учун жонкуяр бўлишни, ташаббус кўрсатишни, масъулиятнинг энг оғирини зиммамизга олишни, бошқаларга ибрат бўлишни, спортчиларга эса оталардек меҳрибонлик кўрсатишимизни кутмоқдалар.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликдаги ишларимиз режаларининг биринчи моддалари – селекция, тренерларни саралаш ва малакасини ошириш, мусобақаларни ташкил этиш бўйича амалий чоралар кўрила бошланди.
Имкониятдан фойдаланиб, қалин ҳамкорлик, қўллаб-қувватлаш, ўзаро англашув учун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, спорт фахрийларига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Ҳаммангизга Аллоҳдан мустаҳкам сиҳат-саломатлик тилайман! Бизга ҳамиша омад ва ғалаба ёр бўлсин!” – деди Р.Шоабдураҳмонов.
Шунингдек, МОҚ раҳбари спорт фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш мақсадида жорий этилган янги раис ўринбосари вазифасига номзод бўйича ҳам таклифини илгари сурди. У пандемия шароитида тезкор штаб ташкил этилгани, спорт федерациялари ва ассоциациялари ишини мувофиқлаштиришга эҳтиёж туғилаётганига алоҳида эътибор қаратди. Делегатлар раис ўринбосари вазифасини бажарувчи лавозимига кўрсатилган номзод – Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Ташматовни бир овоздан маъқуллашди. Сўзга чиққанлар номзод ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Дарҳақиқат, Шерзод Рихсибоевични спорт жамоатчилиги Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари давридаги фаолиятини жуда яхши билишади. У кучли спорт менежери сифатида чарм қўлқоп усталарининг Рио-2016 Олимпиадасида юксак натижаларни қўлга киритишида ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган. Ш.Ташматов 2009-2010 йилларда Ўзбекистон ҳаваскор ва профессионал муайтай ассоциацияси раиси ўринбосари, 2010-2014 йилларда ушбу ассоциация раиси, 2013-2014 йилларда Шарқ яккакурашлари ва жанг санъатларини ривожлантириш маркази раиси ўринбосари, 2014-2019 йилларда Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, 2016-2019 йилларда АIBА ижроия қўмитаси аъзоси, Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти, 2019 йилдан ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси лавозимларида меҳнат қилиб келмоқда. Пандемия шароитида Шерзод Рихсибоевич МОҚнинг тезкор штаби раҳбари сифатида ҳам ўз тиришқоқлиги ва билимини кўрсата олди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси уставига киритилган ўзгартириш ҳамда унинг янги таҳририни тасдиқлаш юзасидан юридик хизматлар департаменти директори Маҳмуд Ярматов сўзга чиқиб, киритилаётган ўзгартиришлар аҳамиятига изоҳ бериб ўтди.
Шунингдек, сўнгги масала ҳақида сўз юритган қўмитанинг Халқаро алоқалар департаменти директори Камолиддин Эргашев Ўзбекистон спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар мурожатлари бўйича маълумот берди.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари Шавкат Султонов ва Рашид Толипов ҳам сўзга чиқиб, олдинда турган йирик комплекс мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўриш, бу борада ҳукуматимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилгани, спортчиларимиз ҳам бунга жавобан халқаро майдонда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишларига ишонишларини айтишди. Шу билан биргаликда, Шерзод Ташматовни янги лавозим билан табриклаб, унинг келгуси фаолиятига муваффақият ва зафарлар тилашди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан спорт фахрийлари Баҳодир Махситов ва Эркин Каримовлар ўз мулоҳазаларини билдириб, кексаларга кўрсатилаётган эътибор учун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитасига ўз миннатдорчилигини изҳор қилишди. Ассамблея якунида ижро учун тегишли қарорлар қабул қилинди. Шунинг билан, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг навбатдан ташқари XXXVII Бош Ассамблеяси ўз ишини якунлади.