Маълумки, юртбошимиз томонидан барча соҳадаги ишларни аввало маҳаллага борган ҳолда ташкил этиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш борасида “маҳаллабай” ишлаш тизими яратиб берилди.
Ҳозирда “маҳаллабай” ишлаш тизими юртимизнинг барча ҳудудларида жорий этилмоқда, хусусан пойтахтимиз Тошкентда ҳам. Хусусан, Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги бир қатор маҳаллаларни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ўз оталиғига олган.
Бугун вазирликда Учтепа туманидаги маҳаллаларда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг бориши муҳокама қилинди.
Вазирнинг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов раислигида ўтказилган йиғилишда вазир ўринбосари Нодир Муротов, вазирлик марказий аппаратининг тегишли бошқарма ва бўлим бошлиқлари, вазирлик тизимидаги Республика ташкилотлари, Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда спорт таълим муассасаларининг мутасадди ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда “маҳаллабай” ишлаш тизими самарали усул бўлиб, жойларда мавжуд иқтисодий-ижтимоий масалалар асосан туман даражасида кўрилаётгани, маҳалла раислари томонидан мавжуд ресурс ва имкониятлар “маҳалла – туман – шаҳар – республика” даражасига олиб чиқилмаслиги оқибатида амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар зарур даражада самарасини бермаётганлиги таъкидланди. Шу боис вазирлик томонидан оталиққа олинган маҳаллаларда аҳолининг дардини эшитиш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш юзасидан зарур чораларни кўриш, энг асосийси, аҳолини рози қилиш кераклиги тушунтирилди.
Ўз навбатида маҳаллалар билан ишлаётган тегишли масъуллар шу кунгача амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлар тақдим этиб, амалга оширилиши кўзда тутилган режаларга ҳам тўхталиб ўтишди.
Манба: Minsport.uz